ARXIV NIZOMI

Жиззах вилоят Архив иши  бошқармасининг

НИЗОМИ

 

  1. Умумий қоидалар.

 

  1. Жиззах вилояти Архив иши бошқармаси (кейинги ўринларда — Бошқарма деб юритилади) вилоятда Архив иши бўйича давлат бошқарувининг махсус ваколатли органи ҳисобланади  ҳамда  Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Ўзархив” агентлигига (кейинги ўринларда “Ўзархив” агентлиги) ва Жиззах вилояти ҳокимлигига  бўйсунади ҳамда ўз фаолияти ҳақида уларга ҳисобот бериб туради.
  2. Бошқарма тизимига Жиззах вилоят давлат архиви ва шаҳар, туман давлат ҳамда шахсий таркиб ҳужжатлари архивлари киради. Шаҳар ва туман давлат ҳамда шахсий таркиб ҳужжатлари архивлари ўз фаолияти жараёнида вилоят архив иши ҳудудий бошқармасига ҳамда ўзи жойлашган туман, шаҳар ҳокимликларига бўйсунади.
  3. Бошқарма ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарор ва фармойишларига,  Жиззах вилояти ҳокимининг қарорлари ва фармойишларига, “Ўзархив” агентлигининг низомлари, йўриқномалари, қоидалари, қарорлари, фармойишлари, буйруқлари ва кўрсатмаларига ҳамда ушбу Низомга амал қилади.
  4. Бошқарма ўзига юклатилган вазифаларни бевосита, шунингдек унга буйсунувчи, ўз фаолиятини бошқарма томонидан тасдиқланган низомлар асосида олиб борувчи вилоят давлат архиви, шаҳар ва туман давлат архивлари ҳамда шахсий таркиб ҳужжатлари архивлари орқали амалга оширади.
  5. Бошқарманинг давлат тилида тўлиқ номи:

— Жиззах вилояти Архив иши  бошқармаси:

-рус тилида – Управление по архивному делу Джизакской  области.

  1. Бошқарманинг юридик манзили: 130100 Жиззах шаҳар, Нариманов кўчаси 78 уй.

 

  1. Бошқарманинг асосий вазифалари ва функциялари

 

  1. Бошқарманинг асосий вазифалари қуйидагилар:

-вилоятда архив иши ва иш юритиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш;

-вилоятдаги бошқарув органлари, хўжалик субъектлари, корхоналар,

ташкилотлар, фермер хўжаликлари, давлат архивлари, идоравий ва идоралараро архивларда шунингдек нодавлат архивларда архив иши ва иш юритиш соҳасидаги қонун ҳужжатларининг бажарилиши устидан таъсирчан назоратнинг амалга оширилишини таъминлаш;

-ташкилотларда архив иши ва иш юритиш ҳолатини тахлил қилиш, бу соҳани ривожлантиришнинг конуниятлари ва тенденциясини ўрганиш;

-вилоят давлат архиви ва шаҳар, туман давлат архивларида сақланаётган Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фонди ҳужжатларини жамлаш, шакллантириш, сақловини таъминлаш, давлат ҳисобини олиб бориш ва улардан фойдаланиш;

-вилоятдаги давлат архивларининг архившунослик, ҳужжатшунослик ва археография масалалари бўйича услубий ишларини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш, илмий- тадқиқот натижалари ва илмий-техника ютуқларини архив муассасалари ва идоравий архивлар амалиётида жорий этиш;

-вилоятдаги ташкилотлар, давлат архивлари ва бошқа нодавлат архивларининг архив иши ва иш юритиш соҳасини ривожлантириш ва такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, вилоят давлат архиви, шаҳар, туман давлат архивлари ҳамда шахсий таркиб ҳужжатлари архивларини бошқариш, уларнинг самарали фаолият кўрсатишини таъминлаш;

-архив иши соҳасидаги мамлакатимиз ва чет эл илғор иш тажрибаларини ўрганиш ва жорий этиш;

-вилоят ҳудудидаги Давлат мулки бўлган архив ҳужжатларини ёки уларнинг ўрнини босувчи нусхаларини, шунингдек Миллий архив фондининг давлатга тегишли бўлмаган қисми таркибига киритилган архив ҳужжатларини ёки уларнинг ўрнини босувчи нусхаларини Ўзбекистон Республикасидан ташқарига олиб чиқиш бўйича маълумотларни “Ўзархив” агентлигига тақдим этиб бориш;

-Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фондига тааллуқли маълумотлар базасини ўзида сақлайдиган электрон архивлар тузишни ва фаолият кўрсатишини мувофиқлаштириш ҳамда назорат қилиш.

  1. Бошқарма ўзига юклатилган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни бажаради:

-вилоятда архив иши ва иш юритишнинг миллий дастурлари ва концепцияларининг амалга оширилишида иштирок этиш;

-вилоят давлат архиви ва шаҳар, туман давлат архивларида шунингдек нодавлат архивларида сақланаётган Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фонди ҳужжатларини жамлаш, давлат ҳисобини олиб бориш, сақловини таъминлаш, улардан фойдаланиш масалалари бўйича таклифлар, қарор ва фармойишлар лойиҳаларини ишлаб чиқади ҳамда белгиланган тартибда вилоят ҳокимлигига киритади ва уларнинг амалга оширилишини таъминлайди;

-вилоят давлат архиви ва шаҳар, туман давлат архивларида Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фонди ҳужжатларини жамлаш, рўйхатдан ўтказиш, давлат ҳисобини олиб бориш, сақловини таъминлаш ва улардан фойдаланиш ишларини ташкил этади;

-вилоятда архив иши соҳасидаги қонун ҳужжатларига риоя қилинишини

назорат қилиб боради ва мониторинг қилади;

-бошқарманинг фонд каталоги асосида давлат, идоралараро ва идоравий

архивларда сақланаётган Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фонди ҳужжатларининг, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фонди тўғрисидаги Низомга асосан жамоат ташкилотлари ва фуқароларнинг мулки бўлган ҳужжатларнинг ҳисобини олиб боради ҳамда улар тўғрисидаги маълумотларни “Ўзархив” агентлигига тақдим этади;

-вилоятда архив ишининг ривожлантиришни жорий ва истиқбол режаларини ишлаб чиқади, уларнинг бажарилишини таъминлайди;

-белгиланган тартибда вилоят давлат архиви ва шаҳар, туман давлат архивларини такомиллаштириш ишларини ташкил этади ва олиб боради;

-давлат архивларининг тармоғи ва тузилмасини такомиллаштириш бўйича белгиланган тартибда иш олиб борилишини ташкил қилади, вилоятда давлат архивларини ташкил этиш ёки, фаолиятини тугатиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Ўзархив” агентлиги ва вилоят ҳокимига таклиф киритади, янги архивлар тузиш бўйича вилоят ҳокими қарори лойиҳасини ишлаб чиқади ва бу лойиҳани вилоят ҳокимлиги томонидан “Ўзархив” агентлиги ҳамда Молия вазирлиги билан келишишга тақдим этиш борасида ташкилий ишларни амалга оширади;

-вилоят давлат архиви ва шаҳар, туман давлат архивлари ҳамда шахсий таркиб ҳужжатлари архивларида услубий ишларини ташкил қилади, архившунослик, ҳужжатшунослик ва археография масалалари бўйича илмий-тадқиқот натижаларини, шунингдек илмий-техника ютуқларини архив иши амалиётига жорий этиш чораларини ишлаб чиқади ва амалга оширади;

-ҳужжатларнинг илмий ва амалий қийматини, шу жумладан давлат ахборот ресурсларини, ҳужжатларнинг электрон нусхаларини экспертиза қилинишини ва уларни давлат архивларида доимий сақлаш учун ажратилишини ташкил қилади,

-вилоят корхоналари, муассасалари, ташкилотлари ва фуқароларнинг тарихий-ҳужжатли ёдгорликларини тўплаш бўйича мурожаатларини белгинланган тартибда кўриб чиқади ва уларни “Ўзархив” агентлигига такдим этади;

-махсус рухсатномалар рўйхати асосида уларни тўплашни назорат қилиб боради;

-белгиланган тартибда вилоят давлат архиви ва шаҳар, туман давлат архивларида сақланаётган Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фонди ҳужжатларининг таркиби ва мазмуни тўғрисидаги ахборотли маълумот адабиётларининг нашр этилишини ташкил қилади;

-вилоятда ҳужжатлари Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фонди таркибига киритилиши лозим бўлган корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар тоифасини белгилайди;

-вилоят, республика ва чет эл архивларининг илғор иш тажрибаларини ўрганади ва оммалаштиради, архив иши ва иш юритишдаги ҳужжатларни ташкил этиш бўйича кенгашлар, семинарлар, машғулотлар ўтказади;

-қонунчиликда белгиланган тартибда давлат архивлари томонидан пуллик хизмат кўрсатишни ташкил қилади ва кенгайтиради;

-вилоятда архив иши ва иш юритишни янада ривожлантиришга

йўналтирилган чет эл инвестицияларини, грантлар ва чет элнинг бошқа лойиҳаларини жалб этишни ҳамда сифатли амалга оширишни таъминлайди;

-вилоят давлат архиви ва шаҳар, туман давлат ҳамда шахсий таркиб ҳужжатлари архивлари фаолиятига раҳбарлик қилади ва тегишли ҳокимликлар билан келишув асосида уларнинг Низомларини тасдиқлайди;

-давлатга қарашли бўлмаган Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фонди ҳужжатларини сотиб олишда давлатнинг имтиёзли ҳуқуқидан фойдаланишда вилоят давлат архиви ва шаҳар, туман давлат архивларига кўмаклашади;

-бошқарма ва давлат архивларининг молиялаштирилиши ва харажатлари юзасидан вилоят бюджети лойиҳасига таклифлар ишлаб чиқади, уларнинг молиялаштирилиши ва сарфланишини назорат қилиб боради;

-вилоятдаги давлат ва идоравий архивлар ҳамда корхоналар, муассасалар, ташкилотларнинг иш юритиш хизмати ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этади;

-архив иши ва иш юритиш соҳасидаги кадрларни сифатли тайёрлашда вилоятдаги олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ўқув юртларига кўмаклашади;

-Ўзбекистон Республикасм Миллий архив фонди электрон ҳужжатларининг ва ахборот ресурсларининг ҳимоясини ташкил этилишини таъминлайди;

-Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фондини ўта қимматли ва нодир ҳужжатларининг суғурта нусхалари яратилишини ташкил қилади;

-фуқароларнинг мурожаатларини ўз вақтида кўриб чиқилишини ташкил қилади, консуллик сўровлари бажарилишини таъминлайди, бу борада давлат ва нодавлат архивлари раҳбарларининг ҳисоботларини эшитади;

-ҳудуддаги давлат архивларининг асосий жамлаш манбалари рўйхатини тасдиқлайди;

-вилоят ҳудудидаги давлат архивларининг тузатиб бўлмайдиган даражада зарарланган ҳужжатларни ҳисобдан чиқариш тўғрисида қарор қабул қилади;

-Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фондининг Давлат каталоги тўғрисидаги Низомга асосан Бошқарманинг фонд каталогини юритади ҳамда белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси  Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Ўзархив» агентлигига маълумотлар тақдим этади;

-вилоят, шаҳар ва туман давлат архивлари, шахсий таркиб ҳужжатлари ҳамда ҳудуддаги идоравий архивлар мутахассисларининг Ўзбекистон Республикаси корхоналари, муассасалари ва ташкилотлари ҳужжатларини тартибга келтиришга компетентлиги юзасидан аттестациядан ўтказишни ташкил этади;

-янги ташкил қилинадиган архивга архив ҳужжатларини сақлаш шароитлари ва архивнинг таъминланганлиги даражаси юзасидан эксперт-текширув комиссияси хулосасини беради;

-Бошқарма шунингдек амалдаги қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа функцияларни ҳам бажаради.

 

III. Бошқарманинг ҳуқуклари ва жавобгарлиги

 

  1. Бошқарма қуйидаги ҳуқуқларга эга:

-вилоят, шаҳар, туман ҳокимликларига архив ишини янада яхшилаш ва иш юритиш ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифлар киритиш;

-маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқарув органларидан, корхона, муассаса

ва ташкилотлардан (уларнинг мулкчилик шаклидан қатъий назар), нодавлат архивлардан архив иши ва иш юритиш ҳужжатларини ташкил этиш ҳақида, шунингдек бошқарма ваколатига тегишли бошқа зарур маълумотларни сўраб олиш;

-Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фонди ҳужжатларини доимий сақловчи вилоят давлат архиви ва туман, шаҳар давлат архивларидан, нодавлат архивларидан, идоралар, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлардан, кутубхоналар ва музейларнинг қўлёзма бўлимларидан, шунингдек фуқаролардан давлат каталоги учун тегишли маълумотларни олиш;

-маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан тугатилган ташкилотлар тўғрисида маълумот олиш, мулкчилик шаклидан қатьий назар вилоятдаги корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар ҳамда нодавлат архивларидан архив иши ва иш юритиш ҳужжатларини ташкил этиш масалалари бўйича тегишли материалларни сўраб олиш, уларнинг вакиллари ҳисоботларини тинглаш, аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан бажарилиши зарур бўлган кўрсатмаларни бериш;

-вилоят корхоналари, муассасалари ва ташкилотлари томонидан ишлаб чиқиладиган архив иши ва иш юритиш ҳужжатларини ташкил этиш масалаларига доир низомлар, йўриқномалар, қоидалар, йиғмажилдлар номенклатуралари, ўқув дастурлари ва бошқа меъёрий ҳужжатларни келишиб бериш;

-давлат архивлари ва уларнинг филиаллари низомларини тегишли давлат ҳокимияти органлари билан келишган ҳолда тасдиқлаш;

-нодавлат архивлари ташкилий ҳужжатларини (устав, таъсис шартномаси, муассислар йиғилиши қарори) келишиб бериш;

-мансабдор шахсларнинг корхоналар, муассасалар ва ташкилотларда сақланаётган Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фонди ҳужжатларининг ўғирланиши, яроқсиз ҳолга келтирилиши, яширилиши, йўқотилиши ёки ноқонуний йўқ қилинишига олиб келган шароитлар яратганлиги ҳоллари тўғрисида тегишли тергов органларига хабар қилиш;

-архив иши ва иш юритиш масалаларини кўриб чиқиш учун доимий ва вақтинчалик идоралараро комиссиялар, кенгашлар тузиш;

-шунингдек, бошқарма ўзига юкланган вазифалардан келиб чиқадиган ўз ваколатлари доирасидаги бошқа ҳуқуқларга ҳам эгадир.

-Бошқарма вилоятда Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фонди ҳужжатларини жамлаш, шакллантириш, давлат ҳисобини юритиш, сақловини ва хавфсизлигини таъминлаш, архив ҳужжатларидан давлат, жамият ва фуқароларнинг қизиқишлари учун фойдаланиш ҳамда вилоят давлат архиви ва туман, шаҳар давлат архивларининг фаолиятини ташкил этишга жавоб беради.

 

  1. Бошқарма фаолиятини ташкил этиш.

 

  1. Бошқармага вилоят Ҳокими билан келишилган ҳолда “Ўзархив” агентлигининг Бош директори томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган бошлиқ раҳбарлик қилади.

Бошқарма бошлиғи:

-бошқарма зиммасига юклатилган вазифалар ва функцияларни, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Ўзархив” агентлиги низомлари, йўриқномалари, қоидалари, қарорлари, буйруқлари ва кўрсатмаларининг бажарилиши учун шахсан жавоб беради;

-бошқарма ходимларининг, шунингдек вилоят давлат архиви ва туман, шаҳар давлат архивлари директорларининг раҳбарлик фаолиятидаги жавобгарлик даражасини белгилайди;

-вилоят ҳокимининг ҳамда “Ўзархив” агентлигининг қарорлари, фармойишлари ва кўрсатмаларига асосланган ҳолда уларнинг ижросини таъминлаш мақсадида ўз тасарруфидаги ташкилотларга бажарилиши мажбурий бўлган тегишли буйруқ ва кўрсатмалар беради;

-бошқарма аппарати ходимлари ва шахсий таркиб ҳужжатлари архивлари директорларини лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод қилади;

-шаҳар ва туман давлат архивлари директорларини шаҳар, туман ҳокимликлари билан келишилган ҳолда лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод қилади;

-“Ўзархив” агентлиги билан келишилган ҳолда вилоят давлат архиви директорларини лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод қилади;

-бошқарма девонининг меҳнатга ҳақ тўлаш фондини, штатлар жадвалини, бошқарма девони ва вилоят давлат архивини молиялаш харажатлари сметасини тасдиқлайди, вилоят ҳокимлиги молия бошқармаси билан келишилган ҳолда меҳнатга ҳақ тўлаш ҳамда рағбатлантириш тизими ва миқдорини ўрнатади.

  1. Бошқарма ходимларининг умумий сони ва тузилмаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.
  2. Бошқармада таркиби 5 кишидан кам бўлмаган Дирекция тузилади:

-бошқарма бошлиғи (Дирекция раиси);

-вилоят давлат архиви директори (Дирекция раиси ўринбосари);

-бош мутахассис (Дирекция котиби);

-туман давлат архивларининг директорлари;

-вилоят давлат архиви мутахассисларидан бири.

Дирекциянинг Низоми ва унинг шахсий таркиби бошқарма бошлиғи томонидан тасдиқланади.

  1. Вилоятнинг давлат ва идоравий архивларида сақланаётган Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фонди таркибини белгилаш ва ҳужжатлар қимматлилигини экспертизадан ўтказиш корхона, муассаса ва ташкилотлар ҳужжатларини ташкиллаштириш ва иш юритиш билан боғлиқ, амалий масалаларни кўриб чиқиш учун бошқарма ҳузурида Эксперт-текширув комиссия (ЭТК)си фаолият кўрсатади, унинг шахсий таркиби ва низоми бошқарма бошлиғи томонидан тасдиқланади.
  2. Бошқарма мустақил сметага эга бўлиб, вилоят давлат архиви ва туман, шаҳар давлат архивларини ҳисобга олган ҳолда вилоят бюджети ҳисобидан молиялаштирилади.
  3. Бошқарма юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ҳамда ўз номи ёзилган муҳр ва бланкаларга, банк муассасаларида ҳисоб-китоб ва бошқа ҳисоб рақамларига эга бўлади.
  4. Бошқармани қайта ташкил этиш ва фаолиятини тугатиш ишлари Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари асосида амалга оширилади.

 

Yuklab olish